Сирдарёда туманлараро перинатал марказ иш бошлади

Сирдарё туманининг Бахт шаҳрида жойлашган, Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли, 95 ўринли Бахт туғруқ комплекси негизида  туманлараро перинатал марказ иш бошлади.

Мазкур марказда вилоятнинг Сирдарё , Мирзаобод ва Сайхунобод туман аҳолисига перинатал, неонатал ва педиатрик хизматлар кўрсатилади. Бу эса, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашда, ҳомиладор аёлларга ёрдам кўрсатишда, чақалоқларни перинатал скрининг кўригидан ўтказишда, қолаверса туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш ва ногиронликнинг олдини олишда қўл келади.

Марказ очилмасдан олдин ёш ота-оналар ушбу хизматлар учун вилоятнинг марказига 35-40, ҳатто 50 километр йўл босиб боришига тўғри келган бўлса, энди, ушбу марказ ишга тушганлиги сабабли, бундай оворагарчиликларга ўрин қолмайди.

Бино янги. У 2020 йилда давлат дастури доирасида қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган эди. Қувонарли томони, туманлараро перинатал марказ энг замонавий, юқори технологик имкониятга эга бўлган “My Lab» русумли кўп функцияли УТТ аппарати, болалар ва катталар учун сунъий нафас бериш аппарати, кардиомонитор, фото лампа, Сепап ва шунга ўхшаш  аппаратлар, қаттиқ ва юмшоқ мебель жиҳозлари билан жиҳозланди.

6 ўринли болалар реанимация бўлими, 10 ўринли интенсив терапия бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда муддатидан олдин туғруқ, соматик патологияси бор туғувчи аёллар, 0,500 килограммдан юқори, 2.400 килограммгача бўлган муддатидан олдин туғилган ва саломатлигида муаммоси бор чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатилади.

-Марказда 12 нафар олий тоифали акушер-гинеколог ва ҳамширалар фаолият олиб боради,-дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Олтиной Эсонова.– 2 нафар, олий тоифали акушер-гинеколог Тошкентда ўз йўналишлари бўйича малака ошириб келган бўлса, 34 нафар олий тоифали акушер-гинеколог ва ҳамширалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмаги билан Сирдарё вилоят перинатал марказида ташкил этилган ўқув-амалиёт жараёнларида иштирок этиб, ўз малакаларини оширди. Энг муҳими, янги туманлараро перинатал марказининг болалар реанимацияси, интенсив терапия бўлимидаги барча юмушлар, бевосита Сирдарё вилоят перинатал марказининг олий тоифали, етакчи мутахассислари ҳамроҳлигида маҳорат дарси асосида ташкил этилади. Бу эса, бахтлик олий тоифали акушер-гинекологлар зиммасида турган вазифаларни мустақил бажарганга қадар давом этади.

Бугун ушбу марказда Сирдарё вилоят перинатал маркази директори, акушер-гинеколог Ханифа Содиқова бошчилигидаги акушер-гинекологлар томонидан яқинда, вилоятнинг  Оқолтин тумани, ва шунингдек Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси акушерлик комплекси негизида ишга тушиши кутилаётган туманлараро перинатал маркази акушер-гинекологлари учун маҳорат дарси ҳам ташкил этилди.

Марказ очилиши билан боғлиқ жараёнларда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Файзулла Мавлонов ҳам иштирок этиб, ишга тушган марказ, марказ очилиши билан боғлиқ ишлар, Президентимизнинг 2018 йил 28 июлдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, унда кўрсатиб ўтилган вазифалар, уни ижроси тўғрисида маълумот берди.

-Сирдарё туманининг «Пахтакор» маҳалласиданман, –дейди Сарвиноз Шохсайитова.-Қўлимдаги учинчи фарзандим. Уни шу ерда, шу шифокорлар ёрдами билан дунёга келтирган бўлсам, қолганларини Гулистонда туққанман. Масофани узоқлиги, ортдан келувчи яқинларим, қолаверса ўзимга ҳам ноқулайликлар туғдирган эди. Энди эса ундаймас. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган, янги марказ имкониятлари эса ниҳоятда кенг. Малакали мутахассислар ёрдами катта бўляпти. Тоза ва озода, шинам хона, замонавий тиббий аппаратуралар эса ҳам ўзимни, ҳам чақалоғимни соғлиғи билан боғлиқ муаммони эрта босқичда аниқлаш, даволаш имконини берди. Ҳозир ўзим, қолаверса чақалоғим ҳам соғлом. Шифокорлар назоратида даволаняпмиз.

Хуллас, Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Бахт туғруқ комплекси негизида ташкил этилган туманлараро перинатал марказининг ишга тушиши туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш ва ногиронликнинг олдини олиш, оналар ва болалар соғлигини асраб қолиш ва миллат генофондини яхшилаш имконини беради.

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби

Суҳроб ЖУРАБОЕВ,
Сирдарё туман хокимлиги ахборот хизмати(суратлар муаллифи)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan